Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 декабрдаги фармойишига кўра, 2018 йил 15 декабрдан 2019 йил 15 январгача юртимизда “Ватанпарварлик ойлиги” эълон қилинди. Мазкур ойлик доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида, таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда ёшларга ватанпарварлик туйғусини янада ошириш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, тарғибот ишлари, дарс машғулотлари ўтказилмоқда, бунёд этилган зиёратгоҳ ва музейларга ташрифлар уюштирилмоқда.
Бу ойлик доирасида халқимиз, айниқса ёшларимиз Ватаннинг муқаддаслигини, уни ҳимоя қилиш шарафли бурч эканлигини, миллий армиямизнинг куч-қудрати ҳақида кенг тушунчаларга эга бўлишди, уларнинг юрт тинчлиги, осойишталиги учун, юрт равнақи йўлида хизмат қилаётганлигини, осмонимиз мусаффолиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашда алоҳида ҳиссалари бор эканлигини ҳис қилишди. Шунинг учун ёшларимиз ҳарбийлар каби Ватанга содиқ фарзанд бўлиб интилиши, Ватанимиз тинчлиги, осойишталиги учун жонини фидо қилган, ҳалок бўлган қаҳрамонларимизнинг ибратли ишлари ҳақида маълумотларга эга бўлиши айнан мақсадга мувофиқдир.
Таълим муассасасида ўқувчи-ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда турли ёт ғоялардан огоҳ этиш мақсадида “ Ватан-менинг уйимдир” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.Тадбирни коллеж директори М.Х.Таджиева кириш сўзи билан очиб, таклиф этилган меҳмонларни таништириб ўтди.Тадбирда Ўзбекистон санъат ва маданият институти катта ўқитувчиси, актер Беҳзод Мирзаев, 2-курс магистранти Бахтишод Ғайбуллаев, Тошкент вилояти спорт федерацияси раиси, жут кун до бўйича жаҳон чемпиони Азиз Хакимбоевлар иштирок этишди. Сўз навбатида Б.Мирзаев ҳар бир инсоннинг ўзини олдига қўйган мақсади, орзу-интилишлари, ота-онага, юртга беминнат хизмат қилиш, улар олдидаги фарзандлик бурчини бажариш эканлиги ҳақида гапириб, барчани эзгу мақсад сари интилиб, давлатимиз яратиб бераётган шароитлардан оқилона фойдаланишни айтиб ўтди ва узининг талабалик йиллари, оиласи, фарзандлари ҳақида ўртоқлашди.Касбнинг катта-кичиги бўлмаслиги, фақат олдинга интилиб ҳаракат қилиб яшаш кераклигини гапириб ўтди.Б.Ғайбуллаев ўз сўзида ижод намуналари, саҳна маҳоратидан парчалар намойиш қилди ,ёшларни билиб-билмай турли ёт ғояларга эргашиб кетишини алоҳида таъкидлади ва ижод намуналаридан барчани баҳраманд қилди. Спорт устаси А.Хакимбоев спортнинг инсон ҳаёти учун муҳимлигини ўзининг ҳозирги кундаги фаолияти, ёшларни спортга жалб этиш, бугунги кунда жудаям саломатлик учун зарур эканлигини таъкидлади.
Таълим муассасасининг бир гуруҳ ўқувчилари томонидан мустақиллигимиз йилларида бунёд этилган мажмуа ва зиёратгоҳ, музей ва муқаддас обидаларга ташрифлари уюштирилди. Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Олимпия шон-шуҳрат музейи, Шаҳидлар майдони ва Қатағон қурбонлари музейи, Ватанга қасамёд монументи, Амир Темур музейлари шулар жумласидандир.
Ташриф давомида мустақил Ватанда яшаётганимизга шукроналик ҳисси уйғонди. Бу туйғу бизга яқинларимизни ёд этиш, кимларнинг авлоди эканимизни билиш ва уларга муносиб авлод бўлишни ўргатиши, ўзлигимизни англашга ёрдам берди.
Таълим муассасаси ўқувчилари “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида пойтахтимизнинг қадрли масканларидан бирида жойлашган Ватанга қасамёд монументига хам ташриф буюришди. Бу монумент эл-юрт ҳимоясини муқаддас деб билган фидойи инсонларга қўйилган гўзал бадиий обидадир. У барча юртдошларимизни, балки ёшларимизни Ватан, ота-она, мардлик, жасорат, қатъийлик каби эзгу тушунчаларни янада чуқур англашига хизмат қилади, ,ҳар биримизга тил ва дил уйғунлиги,сўз ва амал бирлиги, лафз ҳалоллигидан ҳаётий сабоқлар беради, жамият равнақи учун дахлдор бўлишга ундайди.
Таълим муассасасида ўқитувчилар томонидан 14 январь-Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ташкил этилганлигига 27 йил тўлиши муносабати билан “Мардлик ва жасорат” дарс машғулотлари ўтказилди. Дарс машғулотлари давомида ўқувчилар Ватанимиз мустақиллиги йўлида жон фидо қилган қаҳрамонларимиз ҳаёти ва фаолияти, мамлакатимизнинг бугуни ва эртаси учун ўз ҳаётини бахшида этаётган барча фидойи инсонлар, Ўзбекистон Мудофаа армиясининг куч-қудрати, қўшинларнинг жанговор шайлиги ҳақида хабардор бўлдилар, улар томонидан кўргазмали расмлар намойиш этилди.Зеро, Ватанни ҳимоя қилиш, мардлик ва жасорат кўрсатиш кундалик ҳаётимиздан, халқимиз оғирини енгил қилишдан, ўз манфаатини эл-юрт равнақи билан уйғунлаштиришдан бошланади.
Тошкент педагогика коллежида 2019 йил 14 январь куни “Ватан ҳимоячилари куни” ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ташкил этилганлигига 27 йил тўлиши муносабати билан “Мардлар қўриқлайди Ватанни!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.Тадбирга Чилонзор тумани Мудофаа ишлари бўйича бўлим бошлиғи Шерзод Ҳикматов ва подполковник Бобур Сафаров ташриф буюришди. Тадбир доирасида ўқувчи-ёшлар қалбига жасорат, мардлик, садоқат, матонат, Ватанга муҳаббат руҳи сингдирилди, ҳарбийлик касбига қизиқиш уйғотилди, замонавий ҳарбий хизматчига қўйиладиган талаблар билан яқиндан танишилди. Бу тадбирлар ёшларни она -Ватанимизга бўлган меҳрини янада ошириш, Ватан посбонларининг эл-юрт тинчлиги учун фидокорона меҳнат қилишлари, она заминимизни муқаддас деб билиб, хавфсизлик учун доимо камарбаста бўлишлигини таъминлашдан иборат.
Ватанни мадҳ этувчи ва байрамона кайфият улашувчи куй-қўшиқлар тадбирнинг янада кўтаринки ўтишини таъминлади.
Таълим муассасасида “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Ватан-муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” мавзусида Чилонзор тумани Мудофаа қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар иштирокида маънавий-ҳуқуқий тадбир ўтказилди. Тадбирда 55545- ҳарбий қисм командирлари Бахтиёр Нурабуллаев ҳамда Амиран Амилидзе иштирок этишди. Тадбир давомида ҳарбийлик касби, унинг маъсулиятли, шарафли касб эканлиги, ёшларда ҳарбийлик соҳасининг сир-синоатлари, қандай сифатларга эга бўлиш кераклиги, уларнинг жанговор руҳияти, юксак профессионал маҳорати, махсус-тактик машғулотларга шайлиги хусусида сўз юритилди. Миллий армиямизнинг салоҳиятини кўтаришда бор куч, билим ва имкониятлардан самарали фойдаланиш кераклиги алоҳида айтиб ўтилди. Юртбошимиз томонидан ҳарбийларга бўлган юксак ишонч, улкан эътибор уларни янада билим ва маҳоратини ишга солишига, Ватанимизнинг тинчлиги ва осойишталиги учун камарбаста бўлишига асос бўла олади.